Излаш
RUUZ

Жамият

Директорнинг маънавият бўйича ўринбосарлик нархи 100 доллар(ми)?

Мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосарлигига тайинланган ўқитувчидан ХТБ мудирига дея 100 АҚШ доллари талаб қилинди.

6762views0replies
0

Иллюстрация

Бахмал туманидаги 65-сонли умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари бошқа ишга ўтгач, унинг лавозими бўш қолди. Бу лавозимга муносиб ходимни тайинлаш мақсадида мактаб маъмурияти бир неча нафар номзодга тўхталди. Очиғи, бу борада чуқур ўйлаб, сўнг бир фикрга келишга тўғри келди. Нега деганда, бу анча масъулиятли, кишидан алоҳида изланиш, фидойилик талаб қиладиган лавозим эди.
Албатта, ушбу лавозимга ўқитувчилар орасидан номзод танланса, маъқул бўларди. Чунки бу номзод мактабдаги шарт-шароитни яхши билади, жамоа билан тез чиқишиб кетади.
Қисқаси, мактаб директори М. Искандаров (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ва жамоанинг фикри бир жойдан чиқди. Улар ушбу лавозимга мактаб ўқитувчиси Бунёд Йўлчиев муносиб номзод деб топишди. Аслида ҳам, Б. Йўлчиев изланувчан, фидойи ва самимийлиги билан жамоа ўртасида яхшигина ҳурмат-эътибор қозонганди.
Шундан сўнг М. Искандаров Бунёд Йўлчиевни директор ўринбосари лавозимига тайинлашни сўраб, туман халқ таълими бўлими мудири Ж. Нурмуродова номига билдирги ёзди. Тегишли тавсия ҳамда ҳужжатларни Туман халқ таълими бўлимига топширди.
Орадан икки-уч кун ўтгач, М. Искандаров Туман халқ таълими бўлими инспектори А. Ғуломовнинг хонасига кирди. Шунда А. Ғуломов унга "янги ўринбосарингизга буйруқ чиқариш учун 100 АҚШ доллари берасиз, мудир шундай деб айтганди", деди. Аввалига М. Искандаров бу гапни эшитиб, ўзини эшитмаганликка олди.
Кейин орадан кўп ўтмай туман халқ таълими бўлими мудири Ж. Нурмуродова Б. Йўлчиевни 65-сон умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасига тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарди-да, А. Ғуломовга ҳужжатларни расмийлаштириб, буйруқ нусхасини Б. Йўлчиевга бериб юборишни буюрди.
Аммо А. Ғуломов ўз билганидан қолмади, тамагирлик қилишни кўзлади.
У шундай ғаразли ниятда М. Искандаровга Б. Йўлчиевга тегишли буйруқни бераётиб, яна "мудирнинг ставкаси бор, 100 доллар олиб келишингиз керак" деди. Бу талабни эшитган директор икки ўт орасида қолди. Буёғини сўрасангиз, у А. Ғуломовнинг илгари айтган гапини Б. Йўлчиевга етказган эди. Б. Йўлчиев эса, кўнглида борини айтди: — "Агар пул бериб ўтадиган бўлсам, менга бундай лавозим керак эмас."
Шундан унинг ҳам кўнгли хижил бўлиб юрганди. Қисқаси, М. Искандаров ўйлай-ўйлай, ахийри Туман халқ таълими бўлими мудири Ж. Нурмуродованинг ҳузурига кириб, ўртага тама аралашаётганини очиқ-ойдин айтди.
Табиийки, Ж. Нурмуродова бундан ҳайратга тушди. Кейин эса, у М. Искандаровга ходимлар бўлими инспектори унинг номидан пора сўраётган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қонуний тартибда мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди. Шундан сўнг М. Искандаров Вилоят ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилди.
А. Ғуломов эса, ҳали-ҳануз мудирнинг ставкаси деб пул талаб қилишни қўймасди. Бир сафар М. Искандаров Халқ таълими бўлимига борганида яна А. Ғуломовга учрашди. Ундан "100 АҚШ доллари берсинми ёки сўмда ҳам берса бўладими?" — деб сўради. Бунга жавобан А. Ғуломов "доллар тополмасанг, 1 миллион сўм олиб кел", деди.
Тамагир А. Ғуломов шу йилнинг 10 февраль куни соат ўн еттию йигирмада Ўсмат шаҳарчаси фуқаролар йиғинидаги "Наврўз" тўйхонаси ёнида люминация кукуни билан ишлов берилган 1 миллион сўмни М. Искандаров бошқарувидаги "Нексия" русумли автомашина салонида олаётган пайтида қўлга тушди.
А. Ғуломов бу ғайриқонуний ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б" банди ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган.
Суд судланувчи А. Ғуломовга оид жиноят ишини Туман халқ таълими бўлими биносида очиқ сайёр суд мажлисида мазмунан кўриб чиқди.
Судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди, тарафларнинг фикрлари эшитилди. Жиноят иши ҳужжатлари ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, суд томонидан ишда мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо берилди.
Суд А. Ғуломовга жазо тури ва меъёрини белгилашда жазони оғирлаштирувчи ҳолат йўқлигини эътироф этди. У оилали бўлиб, уч нафар фарзанди борлиги, оиласида ягона боқувчи эканлиги, яшаш жойидан шахси ижобий тавсифланганлиги, муқаддам судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади.
Айтиш керакки, А. Ғуломов жиноятни бевосита ўз хизмат вазифасида ишлаш билан боғлиқ ҳолда содир қилган. Шу сабабдан ҳам суд судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, қўшимча жазо тариқасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазони тайинлаш лозим деган тўхтамга келди.
Суд А. Ғуломовни Жиноят кодексининг юқорида зикр этилган моддалари билан айбдор деб топди. Унга ҳар бир модда бўйича тайинланган жазоларни Жиноят кодексининг 59, 61-моддаларга асосан қисман қўшиб, бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, икки йилу олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Албатта, тамагир А. Ғуломов қилмишига яраша қонуний жазо олди.
Бундан ҳам оғир жазо унинг жамоаси, маҳалла-кўй, қариндош-уруғлари олдида уятдан боши эгилиб қолганидир.
Юқорида баён этилган воқеа ҳақида ўйлаганда, кўнгилда бир қатор фикр-мулоҳазалар кечади. Аввало ана шундай нопок ниятдаги кимсаларнинг қутлуғ даргоҳ — таълим соҳасида фаолият юритиши ўта кечирилмас ҳолатдир. Кўнглини занг босган, тама илинжида юрган кимса ёш авлод — фарзандларимизга эзгулик ҳақида қандай сабоқ бериши мумкин?! Ахир, таълим соҳасидаги ходимнинг бундай оғир қилмиши аввало инсоний қадриятларга, эзгулик, униб-ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз олдидаги юксак масъулият ва бурчга хиёнат эмасми?!
Шундай экан, бундай иллатларга қарши қатъият билан муросасиз курашиш, жамиятимизда соғлом муҳитни яратиш барчамизнинг зиммамиздаги энг муқаддас инсоний бурчимиздир.
Улуғбек ХИДИРБОЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
Ғаллаорол туман
суди раиси
6762views0replies
0

Изоҳлар