Излаш
RUUZ

Жамият

Депутат Китоб тумани ҳокими ва ХТБ мудири Президентни “алдашаётганини” айтмоқда

Ўзбекистоннинг оддий фуқароси, мактаб директори, депутат ўзи учун тилла соат, янги автомашина, ҳовли-жой ёки ер сўраётгани йўқ. Ўзи раҳбарлик қилаётган мактаб учун жонини “хавф” остига қўймоқда.

13078views42replies
0

UzNews.uz

Қашқадарё вилояти Китоб тумани Хўжаилмкони МФЙга қарашли Хўжаилмкони қишлоғида яшовчи Ҳаким Қавулович Олимов Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси “Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш” факультетида ўқиб “Бошқарув маҳорати” мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2009 йилдан бугунги кунгача “Адолат” СДПдан Китоб туман кенгаши депутати ҳисобланади. Шунинг баробарида у 2018 йил 28 февралдан бугунги кунгача 44-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимида ишлаб келмоқда.
У “UzNews.uz” мухбири билан боғланиб, Давлат раҳбари ва мутасадди раҳбарларга “Президентимиз ва халқимизнинг ишончини суистеъмол қилаётган, мансаб курсисига ўтириб мустаҳкам занжирга айланиб олган Китоб тумани ҳокими Сагдуллаев Рустам ва Китоб туман ХТБ мудири Авлаев Авлоқул" устидан ўз шикоятини билдириб ўтди.
Ҳаким Олимов дастлабки муаммоли масалани қуйидагича баён қилди. – “2018 йил март ойида Китоб туманидаги 44-умумий ўрта таълим мактабида директор вазифасига ишга ўтдим. Мактаб 315 ўринли, 573 нафар ўқувчиларга 52 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия беради. Янги ўқув йилидан ўқувчи сони 620 тага етиши натижасида 300 ўринли қўшимча корпус қурилмаса, ўқитиш хоналари ва иситиш тизими, спорт зал таъмирланмаса, мактаб ДТС талабларига мос келмайди. Мактабни тўлиқ ўрганишим натижасида, мактабда бошқарув тизимини қайтадан ислоҳ қилдим. Мактаб моддий базасини ўрганиб, ўрганиш натижалари бўйича исботли, туман ХТБга ва Китоб туман ҳокимига маблағ ажратиш тўғрисида мурожаат қилдим. Афсуски, мурожаатга жавоб ҳам, мактаб учун маблағ ҳам йўқ. Йиллик харажатлар сметасини тасдиқлаш жараёни эса ниҳоятда усталик билан, берилган таклифлар ҳисобга олинмасдан, якка ҳукмронлик асосида ўзбилармонлик билан Китоб туман ХТБ мудири А.Авлаев томонидан тасдиқланди. Марказлашган ҳисобхона дегани, бу Давлат бюджетини ХТБ мудири ва туман ҳокими томонидан хоҳлаганидек тақсимлаш керак дегани эмаску? Чунки мактаблар бўйича бошида жорий таъмир учун 5,10 балки қайсидир мактаблар учун 80 ёки 90 миллион сўмдан маблағ қўйилса-да, туман ҳокими айтди деб, яна бу қўйилган маблағлар қирқиб олинса. Бу ҳолатни қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолатлар тўғрисида Китоб туман ХТБ мудири А.Авлаевга бир неча бор айтдим. Бир неча бор айтганимдан сўнг, пичоқ суякка бориб тақалганини билиб, ўзини “оқлаш” мақсадида 2018 йил 5 март санаси билан 31 май кунида, 14 мартдаги мурожаатимга натижасиз жавоб берилди, холос?”.
Шунингдек, Ҳаким Олимов Фарғона вилоятида ўтказилган “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг Республика босқичида иштирок этишлари учун 12 нафар кишига на туман ҳокимияти ва на туман ХТБ раҳбарияти ёрдам бермаганини қўшимча қилди. Шу ўринда у ўз вазифасини “унутган” туман ҳокими ва туман ХТБ мудири ҳақида “Изланмаса, ғоя ва фикр қилмаса, бунақанги раҳбарлар ё ота-бобосининг “зари” ёки йиллар давомида орттирган ўзига “ўхшаган”, мансаб курсисида ўтирган “акахонлар”ининг кучи билан, мансабга ўтирганлиги аниқ” – деган қатъий фикрни билдириб ўтди.
Бундан ташқари, ҳам депутат, ҳам мактаб директори сифатида Ҳаким Олимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга, Китоб туманида мурожаатларга адолатли ечим йўқлиги, туманда янги ғоялар асосида иш ўринлари яратилмаётганлиги, ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши паст савияда эканлиги, норозилик мурожаатларининг кўпаяётганлиги, тадбиркорлар ҳокимни бир имзосини 6 ойлаб кутаётганлигини маълумот сифатида етиб бориши ва камчиликлар бартараф этилишини хоҳлашини билдириб ўтди.
Биз билан суҳбат жараёнида Ҳаким Олимов, мен ОАВ орқали чиқиш қилишдан олдин “дастурхонни дунёга достон қилмай” қабилида иш тутгани ва туман ҳокими билан учрашиб, ушбу муаммоларни туман миқёсида ҳал бўлишини хоҳлаганини, аммо депутат бўлишига қарамай ҳоким томонидан бир ой сарсонгарчиликдан сўнг ҳам учраша олмаганини таъкидлади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, туман ҳокими депутатни бир ярим ойда қабул қилмабдики, оддий фуқаронинг ҳолига “маймунлар йиғламаслигига” ким кафолат беради.
Суҳбат сўнгида Ҳаким Олимов, табиийки, бу мурожаатлардан сўнг туман ҳокими ва халқ таълими бўлими мудири ўзидан кўрмасдан, Президент ва буларга ишонч билдирган раҳбарлар ишончини суистеъмол қилган ҳолда, у ва унга ўхшаган инсонларнинг устидан “мағзава” ағдариши аниқ, лекин у ўз мактаби ва юрти келажаги бўлган ёшларнинг тақдири, уларнинг яхши таълим олиши учун ҳар қандай “ҳолат”га тайёрлигини қўшимча қилди.
“UzNews.uz” Қашқадарё вилояти Китоб тумани ҳокими ва туманнинг қолган раҳбарларига депутат сўровномаси сифатида Ҳаким Олимов томонидан юборилган муаммоларнинг ҳал этилгани ёки этилмагани, ҳоким ўринбосарларининг шахсий адоват сабаб фуқароларнинг уйига МИБ ходимларини доимий кузатувга қўйгани, ҳокимнинг ўринбосари ўз отасининг “тадбиркорлигини” тиш-тирноғи билан ҳимоя қилаётгани ҳамда рўйхатга олинмаган бир неча гектар ер майдонларининг солиқ тўламасдан фойдаланиб келинаётгани каби қатор ечимини кутаётган масалалар ва муаммоларни ўрганиш мақсадида журналистик суриштирув олиб бормоқда. Буларнинг барчаси ҳақида ўз ўқувчиларимизга батафсил маълумот бериб боришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
13078views42replies
0

Изоҳлар