Жамият
Аҳоли учун арзон ва сифатли гўшт: бу йўлдаги ишлар самараси

Бугунги кунда жамиятимизда соғлом турмуш тарзига амал қилиш, истеъмол маҳсулотлари таркибига эътибор қаратиш ҳаёт давомийлигининг бирламчи омилига айланиб бормоқда.

Аҳоли учун арзон ва сифатли гўшт: бу йўлдаги ишлар самараси

Айниқса, навқирон авлод вакиллари орасида жисмонан нимжон болалар кўпайиб бормоқдаки, бунда экологиянинг ифлосланишидан бўлаётган таъсир баробарида, оилаларда оқсил ва углеводородларга бой маҳсулотлар истеъмоли камайиб бораётгани билан изоҳланмоқда.

 

Дарҳақиқат, жисмонан бақувват, иммунитети мустаҳкам инсон бўлиб улғайишда гўшт ва гўшт маҳсулотларининг ўрни юксак. Зеро, гўшт маҳсулотлари инсон саломатлигини мустаҳкамлаши билан бирга, руҳан тетик ҳамда фаол турмуш тарзини кечиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки таркибида асосий озиқ моддалари – оқсил, ёғ, углевод, витаминларга бой таомни истеъмол қилиш инсон ҳаёти ва саломатлигининг асоси, узоқ умр кўриш ва меҳнат қобилиятини белгиловчи бош омилдир.

 

Шундай экан, ҳукуматимиз томонидан аҳолининг гўшт маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш, сифатли гўшт билан таъминлаш мақсадида барча зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, қорамолчилик ва чорвачиликни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бу йўналишда фаолият кўрсатувчи фермер ва тадбиркорларга кенг қулайликлар яратилиб, фаолиятларини янада кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этилмоқда.

 

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда 662 та қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликларида 100 минг бошдан зиёд юқори маҳсулдор наслли қорамол парваришланмоқда. Биргина 2016 йилда улар томонидан 9 минг бошдан кўпроқ қорамол шахсий ёрдамчи, фермер ва деҳқон хўжаликларига сотилган. Чорвачилик соҳасини 2021 йилгача бўлган муддатда ривожлантириш борасида белгиланган чора-тадбирлар дастурига кўра, йирик шохли қорамоллар бош сони 14 миллион 800 минг бошга, майда шохли моллар 23 миллион 127 минг бошга етказилади, бу эса мамлакатимизда гўшт етиштиришни 26,2 фоизга ошириб, Ўзбекистон аҳолиси эҳтиёжини тўлиқ қондиришга эришилади.

 

Мамлакатимиз ҳукумати томонидан келажакни ўйлаб ана шундай кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган бўлса-да, айни кунларда гўшт нархи кескин равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик билан боғлиқ чора-тадбирларни кўриш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

 

Тошкент шаҳри бозорларидаги маҳаллий ориқ мол гўштининг нархи 32-35 минг сўмни, лахм эса 40-45 минг сўмни ташкил қилмоқда.

 

Шу боис ҳукуматимиз томонидан республикамиз аҳолисини ҳамёнбоп, арзон ва сифатли гўшт билан таъминлаш мақсадида Польшадан катта миқдорда музлатилган гўшт олиб келинди.

 

Хориждан олиб келинган музлатилган гўшт Тошкент шаҳрининг барча бозорларидаги (уларнинг умумий сони 12 та) «Элга хизмат» дўконларига ҳамда «Корзинка» супермаркетининг (Авиатор, ТТЗ, Чилонзор, Юнусобод ва бошқа филиалларида) филиалларига аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сифатли ҳолда, қадоқлаб (1,5-2,5 кг.) сотиш учун тарқатилган.

 

Барча бозорларимизда Польшадан келтирилган гўшт ҳукумат томонидан белгиланган имтиёзли арзонлаштирилган нархда 21 000 сўмдан сотилмоқда.

 

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар замирида юртимизда инсон манфаатлари устуворлиги ўз ифодасини топиши билан боғлиқ эзгу амалий ишлар мужассам. Зеро, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш, инсон саломатлигида муҳим бўлган истеъмол маҳсулотлари сифатига доимий эътибор қаратиш ҳукуматимиз кундалик фаолиятидаги муҳим мезонга айланган.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
КАЛЕНДАРЬ СОБЫТИЙ